Самарқанд давлат университетида таниқли ижодкорлар Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқуловлар иштирокида ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда адабиёт ва шеърият ихлосмандлари, СамДУ профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Сўз сеҳри, ҳақиқий шеърият оташи билан қизғин ўтган учрашувда ўзбек адабиётида ўзига хос ўринга эга, самимий шеърлари билан халқ қалбидан жой олган ижодкор Усмон Азим ўқиб берган шеърлар даврада ҳақиқий ижодий кайфият яратган бўлса, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг теран мушоҳада уйғотувчи гўзал фикрлари сабаб тингловчилар адабиётга ва китобларга муҳаббат қўйиш, ҳаётга ўткир мулоҳазалар билан боқиш бўйича бир қатор фойдали тавсиялар олдилар.
-Ер юзи миқёсида фақат Самарқандгагина хос қадимий ва улуғвор руҳ, буюк аждодларимиз, аллома ва шоирларимиздан мерос қолган ҳақиқий ижод кайфияти мавжуд, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқулов, – Бу оҳанрабо, неча асрлардан бери ижод аҳлини ўзига жалб қилиб келади. Самарқанд давлат университети нафақат жаҳон илм-фанининг, балки адабиётимизнинг ҳам асосий устунлари камол топган даргоҳ, том маънода улуғвор ижоднинг бешигидир. Адабиёт ижодкор қалбида туғён урган эзгу ғоялар, дил сўзларни халққа етказишда бош восита. У орқали нафақат ақл, балки инсон руҳи озуқа олади. Табиийки, бу жараёнда ўқувчи бевосита ижодкорга эргашади. Ижод жараёнининг масъулияти ҳам шунда. Ишонаманки, бугунги шижоатли, адабиётга, китобхонликка меҳри баланд ёшлар эртанги адабиётимиз ва сўз илмининг ҳақиқий тиргаклари бўла олади.
– Ўзбек адабиётининг бетакрор дарғалари иштирок этган бу каби учрашувлар ижод оламига энди кириб келаётган ёшлар, адабиёт ихлосмандлари қалбида сўз ва адабиётга бўлган ҳурмат туйғуларини уйғотишига ишонаман,-дейди СамДУ филология факультети декани, профессор Азамат Пардаев.-Университетимиз улуғ шоир ва ёзувчилар Усмон Носир, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Асқад Мухтор, Шароф Рашидов, Омон Матжонларга бешик бўлгани билан ҳақли равишда фахрланамиз. Бу анъаналар бугунги кунда ҳам давом этмоқда…